Ўзбекистон раҳбарияти таниқли ёзувчи, публицист ва таржимон Тоҳир Малик вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
«Халқимиз тарихининг энг оғир даврларини бадиий йўл билан тасвирлаш ва жамоатчиликка етказишда ҳам адиб ибрат кўрсатди. Айниқса, унинг ўзбек маърифатпарвар зиёлиларининг мураккаб ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Тоҳир Малик етук таржимон сифатида жаҳон адабиётининг сара намуналарини она тилимизга маҳорат билан ўгириб, китобхонларимизни улардан баҳраманд қилиш борасида ҳам самарали меҳнат қилди.
Эл суйган адиб жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида, маданий ва маърифий жараёнларда фаол иштирок этди. Умрининг охирига қадар Ички ишлар вазирлиги академиясида ўзбек тили, маънавият асосларидан сабоқ бериб, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди», — дейилади жумладан матнда.
Ҳамдардлик Шавкат Мирзиёев, Ниғматилла Йўлдошев, Нурдинжон Исмоилов, Абдулла Арипов, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Сирожиддин Саидов томонидан имзоланган ҳамда 17 май куни эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 16 май куни оғир хасталикдан сўнг 73 ёшида вафот этди.
Изоҳ (0)