Австралиянинг Кофс-Харбор шаҳрида 40 йил аввал йўқолган ҳамён топилди, деб ёзади Daily Mail.
Маълум бўлишича, Рейчел Поллард исмли аёл фарзандлари билан бирга Борония боғида Оналар кунини нишонлаётганида болалардан бири қандайдир ифлос буюмни топиб олган. Аёл дастлаб уни ташлаб юбормоқчи бўлган, лекин яхшилаб қараб, бу кимнингдир йўқотилган ҳамёни эканини билган.
Поллард унда бир нечта эски ҳужжатларни топган, улар орасида Сент-Люсия университети китоб дўконининг дисконт картаси, маҳаллий радиостанция флаери ва Commonwealth банкининг эски логотипли пластик картаси бўлган. Энг қизиғи, топилмалар ичидан 18 ёшли Женнифер Синклерга тегишли паспорт ҳам чиққан.
Поллард ҳамён эгасининг топилишига умид қилиб, унинг ичидаги нарсалар суратини ўзига қарашли никоҳ агентлигининг Facebook’даги саҳифасига жойлаган. Ҳужжатларга кўра, Синклер Брисбен шаҳрида яшаган ва ҳозир у 58 ёшда бўлиши керак.
Унинг тармоқда жойлаган эълони 174 марта улашилиб, унга 60 дан ортиқ изоҳ ёзилган. Фойдаланувчилардан бири эса ҳамён эгаси маҳаллий жиноятчининг қурбонига айланганини тахмин қилиб, зудлик билан полицияга хабар бериш кераклигини айтган.
Поллард ҳамёнда қимматбаҳо буюмлар йўқлиги сабабли полицияга хабар бериш нияти бўлмагани, лекин Женнифер Синклерни тезроқ топиш мақсадида энди шундай қилишини айтган.
Изоҳ (0)