«Дарё» колумнисти Евгений Скляревский пойтахтни ободонлаштириш масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашишда давом этади.

Кимдан сўраманг, ҳамма City ҳақида гапирмоқда. Ижтимоий тармоқларда асосий гап кимнинг City’си яхшироқ бўлиб қолди.

Иван Сидоров

Тошкент аҳли бузилишлар, қайта қуришлар, қурилишлар, Тошкент ҳокими билан учрашувлардан саросимага тушди, ҳамманинг тилида достон бўлган 45 ва 78-уйларни билиб олди. Тошкентга тўсатдан ёпирилиб келган қурилишлар акс садосини кўриб чиқамиз.

Фото: Алла Гажева

1) Бу аслида керакми? Керак. Барча ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги гап-сўзлар тошкентликларнинг бирор нарсани ўзгартиришни истамасликлари ҳақида бормоқда. Бекорга! Тошкент пойтахтку. Шаҳарда бирорта ҳам Тошкентнинг тимсоли бўла оладиган иншоот йўқ. Энг яхши бинолар  — Тарих музейи (собиқ Ленин музейи) ва Панорама кинотеатри ярим аср аввал қурилган. Қўшимча қилиб «Тошкент» ва «Ўзбекистон» меҳмонхоналарини айтиш мумкин. Кейинги 30 йил мобайнида Анжуманлар саройи ва Миллий кутубхонадан бошқа тузукроқ бино қурилгани йўқ. Тошкентга янги, чиройли бинолар керак.

Қушбегидаги (Текстилдаги стадион ёнида) «Ўзбекистоннинг 25 йиллиги» кинотеатрининг бузилиши ҳақидаги хабарга «Оҳ, мен у ерда 1967 йилда у ерда ‘Фантомас’ни кўрган эдим, тарзидаги шарҳлар ёғилиб кетди. Хўш, нима қилиш керак? Бу вайронани сизнинг ёқимли хотираларингиз сақланиб қолиши учунгина келажакка қолдириш керакми?

Ёки «Ўзбекэнерго» биноси бузилишга ҳукм қилингач, «мен у ерда амалиёт ўтаганман» қабилидаги изоҳлар оқими тинимсиз келиб турди. Келинг, очиқчасига тан олайлик, бино архитектуранинг нодир дурдонаси эмас, унинг ўрнига марказни безайдиган, чиройли бино қад ростлагани яхшироқ. Хулоса қилиб айтганда, биз тарихий жойлар ва иншоотларга зарар етмаган ҳолда янгиланишлар бўлиши тарафдоримиз.

2) «Ҳовлиси бор уйлар ҳақида». Бунга ҳам қаршиман. Ҳовлиси бор уйда яшашни истайсизми, шаҳардан ташқарида яшанг. Шаҳарда кўп қаватли уйлар бўлиши керак. «Ўзимизнинг уйлар» сабабли шаҳар асоссиз равишда қисмларга бўлиниб, кенгайиб кетмоқда. Эсимда, талабалик давримда Юнусободдан Талабалар шаҳарчасига боргунча икки марта — марказгача ва марказдан манзилимга етгунча узундан узоқ маҳалларларни кесиб ўтишга тўғри келган. «Бир қаватли» шаҳарнинг кенгайиб бориши транспортга ортиқча юкланиш туғдиради ва шаҳарнинг  қишлоқдан асосий афзаллиги — муассасалар, офислар, банклар ва бошқа идораларнинг марказлашувидан маҳрум қилади. Шаҳар маркази бир қаватли бўлса, Чилонзор, Юнусобод, Қорақамиш, Қўйлиқ, Қорасув мавзе ва даҳаларнинг юз минглаб аҳолиси кўп қаватли уйларда яшаётгани мутаносиблик келтириб чиқаради. Албатта, ҳамма узумзори, фаввораси ёки ёзги ошхонаси бўлган ҳовлида яшагиси келади. Лекин шаҳар нима учун майдонининг кенгайиб кетишидан қийналиши керак? Агар марказ кўп қаватли бинолардан ташкил топган бўлса, бу шаҳарсозлик борасида мантиқан тўғри  ҳисобланади;

3) Энг оғриқли учинчи мулоҳаза бу бузилаётган уйларга товон пули тўлови масаласидир. Шаҳар ҳаяжонга келган, ҳамма аниқликнинг йўқлиги туфайли бузилишга тушиши мумкин бўлган ер-мулкидан қўряпти. Гоҳ у, гоҳ бу кўчанинг бузилиши тўғрисидаги миш-мишларга жавобан яшовчиларнинг хавотири тартибсиз тарзда интернетга кўчмоқда. Facebook’даги «Ташкент снос» гуруҳи (13301 аъзо) ва Telegram’даги  «Бузилиш масалалари» (1281 қатнашчи) хабарлар оқими кўплигидан қизигандан қизиган. Аҳолининг фаоллиги (айниқса Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги уйлар бузилишларнинг бошланиши ҳақидаги овозалар тарқалгач) бежавоб қолмади. Шаҳар ҳокими аҳоли билан учрашувда «яшовчиларнинг розилигисиз бузилишлар бўлмайди, ҳар бир кишининг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда битим тузилади. Ҳеч кимнинг мол-мулки аввалгидек шунчаки бузиб ташланмайди», деб ваъда берди.

Одамлар шундай саросимада кимга ёки нимага таяниш мумкинлиги борасида умидга эга бўлди. Бизда қонунлар мавжуд. Масалан, 2006 йил 29 майдаги «Фуқаролар ва юридик шахсларга давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкаларини олиниши муносабати билан товон тўлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги» Вазирлар Маҳкамасининг 97 сонли қарорида бу жараён ҳақида тартиб белгиланган. Қарорга кўра, турар жой (квартиранинг) бузилиши кўчмас мулкнинг қиймати бозор баҳосида тўлиқ амалга оширилгандан кейин ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бузилаётган турар жой ўрнига мулк эгасига турар жой бинолари ажратилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, мулк эгасига ер участкаси олиниши муносабати билан етказилган зарар тўлиқ қопланиши зарур. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 71-моддасида фуқароларга бошқа турар жой бериш билан ҳам кўчирилади қоидаси ҳам амал қилади. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш борасидаги бир қатор ҳаволалар ҳам мавжуд. Гап шундаки, ОАВ ва блогерлар (прокуратура органлари ҳам) қонунлар бажарилишини назорат қилиши керак. Ҳокимият ҳам уй-жой берилишида қонунчилик тарафдори. Қонунларни қўллаш амалиёти осон ва тез бўладиган иш эмас. Москва ва Олмаота ҳам бу жараёндан ўтган ва бизда ҳам, умид қиламизки, аста-секин бу изга тушиб кетади. Афсуски, бу жараён қатнашчиларининг соғлиғи ва асаблари эвазига боради.

Бу мақоланинг мақсади товон тўлови масаласининг тўлиқ шарҳини бериш эмас, лекин қуйидагиларни эътиборда тутиш мақсадга мувофиқ:

- агар уйингиз бузиладиган бўлса, товон тўлашни сўраб ариза ёзишни унутманг;

- уй бузилиши борасида баҳсашиш, тортишиш мумкин;

- бузиш сабоқлари: давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасининг олиниши билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисида ариза;

4) Тўртинчи мулоҳаза режа ҳақида бўлади. Тошкентни ривожлантиришнинг бош режаси йўқлиги ҳақида кўп марта гапирилди. 60 йилларда режа бор эди. Балки кейин ҳам бўлгандир, лекин етти қават сандиқнинг ичида. Табиийки, шаҳарнинг турли туманларида кутилмаган бузилиш ва қурилиш ташаббуслари ажабланиш ҳиссини уйғотади. Аниқлик, шаффофлик ва олдиндан огоҳлантиришларнинг бўлишини хоҳлар эдик. Ниҳоят, бу истагимиз амалга ошди. Ҳоким шаҳардаги барча бузилишлар ва қайта қуришлар бўйича ташаббус шаҳарнинг бош режаси тасдиқлангунига қадар тўхтатилишини ваъда қилди. Ҳокимнинг ваъдасига кўра, Тошкент шаҳрининг бош режаси апрель ойи охирига қадар 3D шаклида тайёр бўлади. Уни яратиш устида Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари ишламоқда. Барча Тошкент осмонида паст учаётган вертолётни кўрган бўлса-да, май ойи ҳам кирди, аммо на бош режадан, на концепциядан дарак йўқ. Энди май ойи охирида Тошкент бош режасини кўрсатишни ваъда қилишмоқда.

Умид ва ишончга тўла кўнглимиз алалоқибат концепция қабул қилинишига, эълон қилинишига ва унда албатта бузилиш режага киритилган жойлар муддатлари кўрсатилишига умид қилмоқда;

5) Мулоҳазанинг бешинчиси тарихий руҳни сақлаб қолиш борасида. Ҳокимият қошидаги жамоатчилик кенгаши шаҳарни ривожлантириш концепцияси яратиш зарурлигини, бузилишлар вақтида ватандошларнинг ҳуқуқларига риоя қилинишини ва тарихий биноларнинг сақлаб қолинишини таъкидлашди. Баёнотда айтилишича «шаҳарнинг қиёфаси ўзгаришларга учраётганлиги ва илғор технологик янгиликларни жорий қилишга интилишда шаҳарликлар учун қадрли, айниқса туризм соҳаси бутун мамлакат учун ривожланишнинг ҳал қилувчи соҳаси қилиб белгиланиши шароитида пойтахт меҳмонлари учун жозибали бўлган Тошкентнинг ноёб қиёфасини йўқотмаслик муҳимдир». Етакчи урбанистларнинг фикрича, шаҳарга ноёбликни фақатгина бизнес марказларнинг катталиги ва сонигина эмас, аксинча, маданий, тарихий ва меъморий қадриятларнинг мавжудлиги ҳам беради. Зудлик билан давлат кадастридаги маданий мерос объектлари, иншоотлар ва биноларнинг тўлиқ рўйхати тузилишини ва эълон қилинишини таклиф этамиз. Бу рўйхат тузилгунига қадар эса Ўзбекистон пойтахтидаги шундай иншоотларнинг бузилишига мораторий  жорий қилиниши имконияти кўриб чиқилиши керак. Қолаверса, жамоатчилик кенгаши фақат баёнот билангина чекланмай, ташаббус кўрсатди ва кенгашнинг фикрича тарихий аҳамиятга эга бўлган 100 бинонинг рўйхатини эълон қилди. Шунгдек, тошкентликларга бу бинони тўлдириб боришни таклиф қилди. Маълумотлар «Тошкентда сақлаб қолиниши керак бўлган 100 иморат» мақоласига ёзилган шарҳларда тўплаб борилади;

6) Инвестициялар тўғрисида. Қурилиш ишлари устав капиталида озгина маблағи бўлган номаълум компанияларга ишониб топширилгани ҳақида кўпгина мақолалар пайдо бўлди. Назаримизда, буни «ковлаштириш» керак эмас, асосийси улар инвестисия киритяпти, компания ва сармояларнинг келиб чиқиши ҳеч кимни ташвишлантирмаслиги керак (агар қонун бузилишлари мавжуд бўлса, бу муҳофаза қилувчи органлар иши). Кўп гапириладиган яна бир хавотир мавжуд: бу компаниялар шаҳарни битмаган иморатлар ва қарзлар билан қолдириб, ярим манзилда ташлаб қочмайдими? Бундан шаҳар қанчалик кафолатланган? Оммавий бузилиш қурилиш ишларини бошлашдан олдин ҳеч бўлмаганда бир City’ни охиригача битказиб олиш яхши бўлар эди;

7) Еттинчи мулоҳаза эскирган уй-жойлар ҳақида. Турар жойларнинг эскиргани баҳонасида бузилиши шаҳарликлар оммавий эксплуатация қилишнинг норматив муддатлари билан қизиқишига олиб келди. Мана ижтимоий тармоқлардан нималар топилди:

- Урушдан олдинги сталинкалар — 125 йил, норматив бузилиш вақти — 2050–2070 йиллар;

- Урушдан кейинг сталинкалар — 150 йил, норматив бузилиш муддати — 2095–2105 йиллар;

- Хрушчёвкалар — 50 йил, норматив бузулиш муддати — 2005–2015 йиллар;

- Ғиштли беш қават уйлар — 100 йил, норматив бузилиш муддати — 2050–2075 йиллар;

- Панелли ва блокли 9–16 қаватли бинолар — 100 йил, норматив бузилиш муддати — 2055–2080 йиллар;

- Ҳозирги замон ғиштли ва монолит уйлари — 125–150 йил;

- Ҳозирги панелли уйлар — 100–120 йил;

- Ҳозирги блокли уйлар — 100 йил.

Бу ерда ҳам қарама-қарши фикрлар кўп. Ишчилар шаҳарчасининг урушдан кейин қурилган икки қаватли уйлардан янги уйга кўчиб чиққанидан хурсанд. Бошқа томондан, ярим асрлик «хрушчёвкалар» бутун, мустаҳкам ва уларни нураган деб бузиш диққат билан ўрганишни талаб этади, аммо баҳоналар асосланмаган ва шунчаки ерни эгаллаб олишга қаратилган. Умуман олганда, катта майдонни эгаллаб ётган бир қаватли уйлар турганда кўп қаватли уйларни бузиш бемаъниликдир. Тарихий қимматга эга, туристларни чорловчи биноларни реставрация қилиш ўрнига уларни эски деб баҳолаш узоқни кўра олмасликдир.

8) Мулоҳаза 45-уй ҳақида. Барчамиз кўп воқеалар содир бўлаётган сериал ортидан диққат билан кузатмоқдамиз.

Яхши жиҳатлари: истиқомат қилаётганлар зўрлик билан кўчирилгани йўқ, улар билан қурувчи ўртасидаги муносабатларни суд белгилайди. Иккинчидан, уй ҳарқалай маданий мерос объекти деб тан олинди, озгина расмиятчиликлар бица, масала ҳал, аммо мармар тахта ўрнатиб қўйишди. Учинчидан, уй истиқоматчилари В. Зоманов бошчилигида бузишга қарши бирлашди ва, давлат тили билан айтганда, «маданий майдон» яратди, подездларни яхшилади, турли тадбирлар ўтказмоқда.

Ёмон жиҳати: суд қандайдир ғалати. Мажлислар ўтказиладиган жой тўхтовсиз ўзгартирилмоқда. Суд иштирокчиларига жой етишмайди ёки уларни киргизишмайди. Кейин тўсатдан жойлар ҳамма учун етарли эканини айтишади ва журналистларни ҳам суд залига чақиришади. Бундай тартибсиз жараён адолатли ўтадиган, обрўли судга ҳеч ярашмайди. Суд бўладиган сана ўзгартирилган, яна кутяпмиз;

9) Ерга хусусий мулкчилик ҳақида. Барчага маълумки, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ерга хусусий мулкчилик ҳуқуқи пайдо бўлади. Бу хабар маҳаллий аҳоли ўртасида алғов-далғов фикрларнинг урчишига ва баҳсларга сабаб бўлди. Ким қандай ва қанча ер олади? Участкаси борлар уларга эгалик қилиш ҳуқуқини оладими? Кўп қаватли уйларнинг истиқоматчиларичи? Улар қандай ерга эга бўлиши мумкин? Бу ҳуқуқ уларнинг квартирасига татбиқ қилинадими? Ер қандай шартлар эвазига қурувчиларга берилади?  Бу саволлар ҳуқуқий саводсизлик ортидан келиб чиқиб, аҳолини ваҳимага солмоқда. Ҳуқуқшунослар бу борада тушунтириш беришини истар эдик. Лекин, назаримизда, уларда ҳам ер қандай баҳоланиши, ким ерга эгалик ҳуқуқига эгалик қилиши мумкинлиги, бу ҳуқуқ бузилишлардан қай даражада ҳимоя қила олиши борасида ҳали аниқ бир тасаввурга эга эмас. Кутамиз;

10) Туризм борасида. Туризм ҳақидаги мулоҳаза илгари ТТЗда экспортга кетадиган тракторлар учун кўзда тутилган операцияларни эслатади. Ўзимизга мўлжалланганлар учун «бизга бўлаверади» қабилида иш тутилиб, махсус ишлов берилмас эди. Қизиғо, Wi-Fi ҳудудлар, ҳожатхоналар, автотураргоҳлар ҳақида туризм ривожлана бошлагач ўйлай бошлашди. Адолат ҳаққи-ҳурмати айтиш керакки, Тошкентнинг одам кўп жойларида Wi-Fi ҳудудлари кўпая бошлади, замонавий ҳожатхоналар қурилди. Эски шаҳарни сақлаб қолиш ҳақида кўп ёзилди, аммо Ислом тамаддуни маркази ва Сузук ота комплексини қуриш баҳонасида эски маҳаллалар бузиб ташланди, эски маҳаллалар ўрнида савдо комплекси қурилади. Яқинда Себзордаги маҳалла бузиб ташланди, ўрнида ҳеч нарса қурилгани йўқ. «Тошкент марказидаги маҳаллаларни бузмаслик, аксинча, сақлаб қолиш ва эҳтиётлаш керак» номли мақолада яхши далиллар келтирилган.

Айтгандай, бу ҳам бир ғоя: эски шаҳарда Форобийдан Қорасаройгача тегилмай қолган жойда бор-йўғи илгаригидек биргина нормал ҳолатдаги чойхона қолган. Бу ахир ички ва ташқи туристлар учун жуда муҳимку!

11) Эски даҳалардаги қурилишлар ҳақида. Кўпинча турар жой уйлари орасидаги майдончаларда янги уйлар қурилаётганига кўзимиз тушади. Бу яқин атрофда жойлашган уйларнинг электр газ сув таъминоти тизимига юклама қўшиб, зўриқиб ишлашига олиб келади ва бу ҳақда кўп марта муҳокамалар ҳам бўлган. Бундай қурилишлар аҳоли турар жойларини қуриш режалаштириш нормаларини ва санитария-гигиена қоидаларини бузишини кўпчилик билмаса керак. Бу хил ҳужжатларда уйлар атрофидаги бўшлиқ, болалар майдончалрининг ҳажми (уч хил ёшдаги болалар учун уч хил майдонча), хўжалик майдонлари: кир қуритиш учун, уй буюмларини тозалаш учун, чиқинди йиғувчи машиналар учун, боғлар, хиёбон ва бошқалар учун регламент белгилаб берилган. Ким санитария-гигиена низомларини бузиб, қурилишга рухсат берди? Ким бунинг учун жавоб бериши керак? Биз билмаймиз, эҳтимол билолмасмиз ҳам. Лекин ўзгаришлар яқин. Бизни мавжуд бўлган қоғоздаги кадастр тизми ва кўчмас мулкни рўйхатга олишни электрон ҳукуматнинг таркибий қисми бўлган веб-технологиялар ва геоахборотлаштиришни қўллаш кутмоқда. Нима учундир блокчейн ҳақида ва санитария нормалари бузилиши билан боғлиқ қурилишлар учун рухсат олиб бўлмаслигини таъминловчи ҳамма учун очиқ тизим ҳақида гапирмай қўйишди. Лекин умид ҳар қачонгидай яшайверади.

* * *

Мақоланинг мақсади оғриқ жойларни оғритиш эмас, балки ҳокимият қонунларга таяниб саволларга жавоб бериш, ўзини ижобий томондан кўрсатишига ёрдам берадиган таянч нуқталарни кўрсатишдир. Кўрганимиздек, мауммолар кўп, лекин улар ривожланиш ва ўсиш муаммолари, уларнинг чиройли тарзда ҳал қилиниши ва Тошкентни замонавий қиёфага эга бўлишига умид қиламиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.