29 апрель куни Тошкентдаги 17-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси мактаб биносининг иккинчи қаватидан сакраб тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ушбу ҳолат нима сабабдан содир бўлганини «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Repost

Маълум бўлишича, 9-синфда ўқийдиган М.Р. исмли қиз 2019 йилги чорак дарсларини яхши ўзлаштирмаган ва дарслардан барвақт бир неча маротаба уйига кетиб қолган. Бу ҳақда унинг ота-онасига маълум қилинган. Қизининг хулқ-атворидаги ўзгаришлар бўйича суҳбатлашиш мақсадида унинг онаси мактабга ташриф буюрган.

Бундан хабар топган М.Р. мактабнинг 2-қават ташқи ойнасидан чиқиб кетиш мақсадида тушаётган вақтида эҳтиётсизлиги оқибатида ерга йиқилган. Натижада у «бел умуртқа поғонасининг 3, 4, 5 компресион қисмидан синиши, ўнг товон суяги ёпиқ синиши, чап товон соҳаси юмшоқ лат ейиши, ўнг кўз атрофида қизариш, травматик шок 2-даража» ташхиси билан жонлантириш бўлимига ётқизилган.