Ўтган ҳафта юртимизга дунёнинг нуфузли сиёсий арбоблари ташриф буюрди, Шавкат Мирзиёев халқаро эътирофга сазовор бўлди. Шу билан бирга, муҳожирлар фожиалари ўзбекистонликларни чуқур қайғуга солди.
Ҳафта бошида қўшни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистонга келди. У Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди. Икки мамлакат транспорт, логистика, саноат кооперацияси соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди. Ўзбекистонда Қозоғистон йили бошланди.
* * *
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро эътирофларга лойиқ топилди. Маълумки, Мирзиёев ўтган йилнинг декабрида «Осиёда йил одами» деб топилганди. Шу йилнинг 31 май куни Тошкентда Осиё журналистларининг медиафоруми ўтказилади ва 20 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида Ўзбекистон президентига «Осиёда йил одами» мукофоти топширилади.
Шу билан бирга, Туркиянинг Ipekyolu стратегик тадқиқотлар маркази ҳамда Broadcasting Group «Йилнинг давлат арбоби» номинацияси бўйича мукофотга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни муносиб кўрган. Мукофотни президент номидан Истанбулдаги бош консул Шуҳрат Аминов қабул қилиб олган.
* * *
Марказий банк матбуот анжуманида Humo карталарини чиқариш жорий йил 1 майдан бошланишини маълум қилди. Синов тартибида Марказий банк ва тижорат банклари ходимлари учун бир нечта карта чиқарилган. Янги карталар эгалари тўлов муаммосига дуч келмасликлари учун терминаллар ўрнатилган; ҳозирча ушбу терминаллар UzCard карталарини қабул қилмайди, аммо келажакда бу муаммо бартараф этилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йиллари Uzcard тизимидаги носозлик сабаб мамлакат тўлов муносабатларида бир неча бор узилишлар кузатилди. Янги тизим бундай ҳолатларни бартараф этиши кутилмоқда.
* * *
Мамлакатимизнинг валюта захиралари 400 миллион долларга камайганлиги хабар қилинди. Марказий банк маълумотига кўра, 1 апрель куни мамлакатнинг валюта захиралари 26,9 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг 14,4 миллиард доллари монетар олтиндир. Айтиш керакки, валюта захирамиз йил бошидан бери биринчи мата камайишидир.
* * *
18 апрель куни Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Тошкентга келди. Мун Чжэ Ин пойтахтда тантанали кутиб олинди. У Тошкентдаги Инҳа университетида меҳмон бўлди. Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, Жанубий Корея президенти оиласи билан Самарқандга ташриф буюриб, Регистон майдонини томоша қилди. Унга Мирзиёев оиласи билан ҳамроҳлик қилди.
* * *
19 апрель куни Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳридаги «Дўстлик» истироҳатгоҳида ўзбек боғи очилди ва улуғ қомусий олим Абу Али Ибн Сино ҳайкали ўрнатилди. Унда Бухоро ҳокими бошчилигидаги делегация иштирок этди.
* * *
Россиянинг Оренбург вилоятида жасад қолдиқлари, паспорт ва телефон топилди. Паспорт 1996 йилда туғилган навоийлик Сардор Норбоевга тегишли бўлиб чиқди. 23 яшар йигит қишда Қозоғистондан Россия чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтмоқчи бўлгани ва совуқдан музлаб қолгани тахмин қилинмоқда. Бироқ айрим кузатувчилар ДНК таҳлиллари натижаси ҳали чиқмагани боис аниқ хулоса қилишга эрта дейди.
Оренбургда жасад қолдиқлари топилганидан уч кун ўтгач, Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида йўловчи автобуси ағдарилиб, 11 киши нобуд бўлди. Ҳалок бўлганларнинг уч нафари ўзбекистонликдир. Шунингдек, автобусда бўлган 13 нафар ўзбекистонлик тан жароҳати олганини ФВВ хабар қилди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)