Жорий йилнинг 21—25 апрель кунлари Татаристон республикасида Қозон мусулмонлар халқаро XV кинофестивали бўлиб ўтади, деб хабар берди ЎзА.
Қайд этилишича, «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» номли бадиий фильм режиссёри Абдухалил Мигнаров бошчилигидаги ижодий гуруҳ ҳам унга таклиф этилган. Асосий тадбирлар ушбу фильм премьераси билан бошланади.
Мазкур кинофестиваль 2005 йилдан буён «Маданият мулоқотидан - мулоқот маданияти сари» шиори остида ўтказилиб келинади. У бағрикенглик, тинчликсеварлик, матонат ва инсонпарварлик ғояларини фильмларда тараннум этиши билан мусулмон оламидаги киноижодкорлар ўртасида машҳурдир, дейилади хабарда.
«Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» фильмининг Тошкентдаги премьераси эса 20 апрелга мўлжалланган. Фильм ижодкорлари ўз ижод маҳсулларини ўзбек кино мухлисларига рамазон туҳфаси сифатида тақдим этишни мақсад қилган.
Изоҳ (0)