Ўзбекистон Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жиноятларни фош этиш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Хусусан, ушбу соҳада амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирликлари ходимларидан доимий ишчи гуруҳлар тузилган.
Вилоятларда тажрибали ишчилар (экспертлар, криминалистлар, терговчилар) дан жиноятларни тезда очиб бериш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилган.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб электрон жиноий-ҳуқуқий статистикага оид ягона ахборот тизими жорий этилгани ва онлайн назорат ўтказишга имкон берадиган, фош этилмаган жиноятларнинг ягона электрон базаси яратилганлигини таъкидланган.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи органларнинг ҳамкорлигини таъминловчи дастурий илова яратилган ҳамда Навоий вилоятида синов тариқасида ишга туширилган. Шунингдек, қидирилаётган шахсларнинг қариндошларига агар жиноятчи ихтиёрий таслим бўлса, эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, жорий йилнинг икки ойида 4246 та жиноят содир этилган, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига (5811) нисбатан 27 фоизга камайган.
Ўзбекистонда 100 минг аҳолига ўртача 13,3 та жиноят тўғри келмоқда (бу кўрсаткич Тожикистонда – 40, Озарбайжон – 44, Молдова – 150, Россия – 225, Қозоғистон – 240 ни ташкил этади), жиноятчилик даражаси ўтган йилга (18,1) нисбатан 26,5 фоизга камайган. Йил бошида жиноят содир этганлиги учун қидирилаётган шахсларнинг 277 нафари ушланган, 346 та жиноят иши судларга юборилган.
Бош прокуратура, шунингдек, содир этилган барча қотиллик, босқинчилик, оғир тан жароҳат етказиш, номусга тегиш жиноятлари тўлақонли фош этилганини айтиб ўтган. Бундан ташқари, жиноят содир этган 93 нафар шахснинг хорижий давлатлардан экстрадицияси таъминланган.
Изоҳ (0)