Ўзбекистонда Crescent Rating компанияси билан ҳамкорликда меҳмондўстлик рейтинги жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Ҳозирда қўмита Crescent Rating компанияси билан туризм соҳасида ҳамкорлик битимини имзолаш ишларини олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик меҳмонхоналар, ресторанлар, шунингдек, транспорт хизматлари ва сайёҳлик пакетларини тақдим этувчи тадбиркорлар ўртасида мусулмон меҳмондўстлигини баҳолашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳамкорлик туризм ташкилотлари ва зиёрат туризми гидлари учун семинар-тренингларни ҳам ташкил қилади.
Мамлакатга ташриф буюрган меҳмонларга тўлиқ маълумот бериш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Зиёрат туризми гидлари клуби»ни яратмоқда. Клубнинг фаолияти гидларнинг малакасини оширишга, шунингдек, уларнинг зиёрат туризмга тайёргарлигига қаратилади.
Халқаро изланишлар шуни кўрсатадики, зиёрат туризми бўйича саёҳат қиладиганлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда мусулмон сайёҳлари 131 миллион кишини ташкил қилган. Бундай туризмдан эса даромад 142 миллиард долларга етган.
Кўриниб турганидек, зиёрат туризми дунё туризм саноатининг энг тез ривожланаётган сегментларидан бири ҳисобланади.
«2020 йилга келиб, мусулмон сайёҳларнинг сони 160 миллионга етиши кутилмоқда. 2026 йилда эса бу туризм айланмаси 300 миллиард долларни ташкил қилади», — дейилади хабарда.
Дунёнинг аксарият мамлакатлари, шу жумладан, мусулмон бўлмаганлари (Испания, Япония) ҳам мавжуд истиқболларни ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳага фаол инвестиция киритмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон иқтисодиётни стратегик секторлардан бири сифатида туризм саноатини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда. Бу эса минтақаларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестиция жалб қилишни яхшилаш имконини беради.
Изоҳ (0)