Оҳангаронда ППХ ходими машинасида бўлган аёл 14 ёшли қиз билан боғлиқ воқеага аниқлик киритди
Тошкент вилояти ИИББ Оҳангаронда ППХ ходими 14 ёшли қизга тегажоғлик қилгани ҳақидаги хабарларни рад этганди. Бош бошқарма ушбу ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ходим вояга етмаган қизни ўғирлаб тегажоғлик қилгани айтилганди. Машинада бўлган 22 ёшли аёл воқеага аниқлик киритиб, видеодаги боланинг гаплари ёлғонлигини, алами бўлгани учун шундай қилганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, йигит 14 ёшли қизнинг акаси ё бирор қариндоши эмас, уни ёқтириб, гаплашиб юрган. 27 апрель куни тунги соат 00:30 ларда аёл маслаҳатлашиш зарурати туфайли ППХ ходимини чақиртирган ва унинг машинасига 14 ёшли қиз билан ўтирган. Бир оздан сўнг бошқа машина келиб тўхтаб ундан уч нафар йигит тушган ва ППХ машинасига ташланган.
“Машинага сакраб, синдиришни бошлади. Кейин бақириб, ‘видеога ол, видеога ол’, деб ёнидаги болага айтди. Амина (14 ёшли қиз) йиғлашни бошлади, шокка тушди, қўрқишни бошлади. Кейин мен қўрқма, дедим. Кейин Диёр (ППХ ходими) ўша заҳоти бизга ҳеч нима бўлмасин деб тез машинани ҳайдаб кетди”, деган 22 ёшли аёл.
Маълум бўлишича, видеомурожаат йўллаган шахс 18 ёшли йигит бўлиб, у 14 ёшли қизни доимий равишда назорат қилиб келган. Қизни ёқтириш важи билан унга шартлар қўйиб муттасил жанжаллашиб келган. Йигит воқеадан бир неча кун аввал ярим тунда ўша қизни олиб юрган вақтида айнан шу ППХ ходими томонидан аниқланиб, унга расмий огоҳлантириш берилган.
“Қараган вақтимда у қизни таниб қолдим. Олдинроқ ҳам расмий огоҳлантириш берилган эди”, дейди ходим.
Орадан бир неча кун ўтгач, айнан ўша қиз ходимга таниш бўлган аёл билан бирга унинг машинасига ўтирган. Кўп вақт ўтмасдан қиз юборган локация орқали йигит ушбу машина олдига етиб келган, жанжал кўтарган ва ходимни вояга етмаганнинг номусига тегишда айблаб, видеотасвирга олган. Бу видео эса ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетган.
Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов ижтимоий тармоқларда ўзини жабрланувчидек кўрсатадиган барча мурожаатларга ҳам ишонмасликка чақирди. Содир бўлган воқеага эса ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.