16 март куни Нью-Йорк шаҳрида Американинг энг қадимги илмий муассасаларидан бири дунёнинг етакчи тадқиқотчилар, олимлар ва кашфиётчиларни бирлаштирган тадқиқотчилар клубининг ҳар йили ўтказиладиган 115-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради «Дарё»га Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги мамлакат делегацияси, шунингдек, Қўшма Штатлардаги дипломатик ваколатхона раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу тадбир инсон қадами Ойга етганига 50 йил тўлганига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг турли бурчакларидан 2 мингга яқин меҳмонлар, жумладан, Канада бош вазири, Португалиянинг Туризм бўйича давлат котиби, «Аполлон» миссиясининг олти нафар астронавти, Халқаро космик станцияларининг космонавтлари, шунингдек, таниқли олимлар, тадқиқотчилар, етакчи компания раҳбарлари ҳамда жаҳон шоу-бизнесининг вакиллари иштирок этди.
Тадбир дастурининг асосий маросимларидан бири бу 2019 йилнинг ёзида бутун дунёдан 30 нафар етакчи археологлардан иборат клубнинг Ўзбекистонга экспедициясини эълон қилиниши бўлди.
Бундан кўзланган мақсад замонавий Қорақалпоғистон ҳудудида кашф этилган қадимий Хоразмнинг пойтахтларидан бири бўлган «Бозор қалъа» тарихий мажмуасини ўрганишдир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мажмуа эрамиздан аввалги VI-IV асрларга тааллуқли.
Тадқиқот давомида чет эл олимлари ўша даврнинг маданияти, маҳаллий аҳолининг маданий хусусиятларини, Аҳамонийлар давлати билан сиёсий алоқалар, шунингдек, кўчманчи турмуш тарзидан ўтроққа ўтиш жараёнини ўрганади. 11 октябрь куни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтадиган клуб аъзоларининг мажлисида экспедиция иши тўғрисида ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилади.
Америка томонинг маълумотларига кўра, экспедициянинг бюджети 750 минг долларни ташкил этиб, у йўналтираётган томон ҳисобидан қопланади. Тадбирнинг бош ҳомийси Япониянинг Infiniti ишлаб чиқарувчи компаниясидир. Экспедиция ишида NASA’нинг юқори технологияларидан фойдаланилади.
Тадқиқотчилар клуби раҳбарияти билан музокаралар давомида АҚШнинг етакчи олим ва тадқиқотчи аёлларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда «Ўзбекистон сеҳрли мамлакатига Тадқиқотчилар клуби билан бориш учун таклиф» телевизион лойиҳаси PBC телеканалида намойиш этилиши орқали бир йил давомида 114 миллион томошабинни қамраб олиш масалалари муҳокама этилди.
Изоҳ (0)