2019 йил 10 март куни соат 22.30 атрофида «Фарғона ҳалқа йўли» автомобиль йўлининг 69-километрида, Тўрақўрғон тумани ҳудудида Nexia автомобилини бошқарган ҳайдовчи қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган Damas билан тўқнашди. Бу ҳақда «Дарё»га Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
ЙТҲ оқибатида Nexia ҳайдовчиси ва ёнида бўлган йўловчи, Damas ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси, жами 4 киши оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Nexia автомобилида бўлган 3 нафар ва Damas машинасида бўлган 2 нафар йўловчи жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Уларга шифокорлар томонидан ташхис қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан 2019 йил 10 март куни ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Наманган вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкентда «Қўқон-1912» жамоаси билан кечган футбол ўйинидан қайтаётган «Навбаҳор»нинг 5 нафар мухлиси бўлган Nexia иштирокидаги автоаварияда 2 нафар мухлис ҳалок бўлгани, уч нафар мухлис эса касалхонага жойлаштирилгани билдирилганди.
Изоҳ (0)