Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Иброҳим Юнусов бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбат давомида фан, таълим, маданият, санъат, тиббиёт, қишоқ хўжалиги, жумладан, пиллачилик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Меҳмонлар Чортоқ туманидаги «Соф ипак уруғ инвест» ўзбек-хитой қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. 2018 йилда барпо этилган мазкур корхонада бир мавсумда 50 минг қути ипак қурти етиштирилади.
Бунинг учун махсус ажратилган бинода барча зарур ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган. Шунингдек, 30 сотих майдонда Хитой давлатидан келтирилган 76 минг тупдан зиёд тут кўчати ҳам парваришланмоқда. Бу билан ҳудудда пилла етиштиришнинг янги, истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш имконияти кенгаяди.
Делегация аъзолари Наманган шаҳридаги «Орзу» кичик саноат зонасида фаолият бошлаган «Орзу Идеал» текстиль корхонаси имкониятлари билан танишди.
Ҳозирда бу ерда буюртма асосида турли кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа қиймати 16 миллиард сўм бўлган корхонага Япония, Италия, Германия, Туркия давлатларидан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг 90-95 фоизини хорижий давлатларга экспорт қилиш мақсад қилиб олинган.
Меҳмонлар бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирар экан, тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати ва харидоргирлигига юксак баҳо берди. Келгусида наманганлик ва қирғизистонлик тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш бўйича келишиб олинди.
Изоҳ (0)