Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаоллари пойтахтдаги тарихий қиёфасини сақлаб қолган ва ҳимояга муҳтож 100 та бино ва объект рўйхатини тузди, деб ёзади «Газета.uz».
«Кенгаш фаоллари Тошкент аҳолиси учун қадрли бўлган ва сайёҳлар эътиборини тортадиган, ўзига хос тарихий қиёфасини сақлаб қолган шаҳарнинг 100 биносининг илк рўйхатини тузди. Улар тезкорлик билан ўрганиб чиқилиши ҳамда бино номлари (ҳали рўйхатга киритилмаган) Ўзбекистон Республикаси маданий мерос объектлари сифатида Давлат кадастрига киритилишига умид билдирамиз», — дейилади жамоатчилик кенгаши баёнотида.
Рўйхатга, жумладан, архитектуравий ва тарихий аҳамиятга эга Тошкент курантлари, «Туркистон» саройи яқинида Анҳор устидан ўтган кўприк, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (собиқ Педагогика институти), Тошкент фотосуратчилар уйи, Республика байналмилал маданият маркази, Марказий телеграф, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари бинолари, қатор турар-жойлар ўрин олган.
«Шаҳар тарихи ҳамда маданиятини ўзида акс этган тарих, анъана ва қадриятларни ифодаловчи меъморий ёдгорликларнинг изсиз йўқотилиши Тошкент шаҳрининг энг оғриқли муаммоларидан биридир, — дейилади баёнотда. — Шаҳар Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикасининг ‘Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш’ қонунига мувофиқ, Маданият вазирлиги ва шаҳар ҳокимлигини меъморий ёдгорликлар ва шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишга чорлайди ҳамда зарур чора-тадбирларни қўллашга чақиради».
Жамоатчилик кенгаши фуқаролардан кейинги авлод учун ўзига хос қадрият ҳисобланган меъморий иншоотлар, тарихий биноларнинг манзили, улар ҳақидаги маълумотларни тақдим этишни сўрамоқда.
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан буларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва фотосуратлар, манбаларни келтириш сўралди.
Изоҳ (0)