Тошкентдаги «Ҳумо» муз спорти аренаси 15 март куни очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон Хоккей федерациясига таяниб хабар берди.
«Humo Arena очилиши 15 март кунига белгиланган. Йирик спорт мажмуаси очилиш маросимига МДҲ давлатларидан олий мартабали меҳмонлар келиши кутилмоқда», — дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Humo Arena қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Спорт мажмуасида хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг каби қишки спортлар бўйича мусобақалар ўтказиш, шунингдек, концерт, кўргазма ва форумлар ташкил қилиниши мумкин.
Humo Arena 7 қаватдан иборат бўлиб, унинг умумий майдони 82 минг метр квадрат. Мажмуа 12 минг томошабинга мўлжалланган. Шунингдек у ерда 1600 ўринли автотураргоҳ бор.
Бино қурилишида 4 мингдан ортиқ ишчилар ишлаган, Германия, Россия, Австрия, Испания, Франция, Италия ва бошқа мамлакатлардан 10 дан ортиқ ҳамкор компаниялар жалб қилинган.
Humo Arena умумий қиймати — 1,5 триллион сўм бўлиб, ундан 185 миллион АҚШ доллари хорижий инвестициялардир.
Изоҳ (0)