Тошкентда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум бўлишича, 2018 йилда Омбудсман номига жами 10 минг 832 та мурожаат келиб тушган.
Шундан 71 та мурожаат фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари билан боғлиқ. Мурожаатлар орасида 67 та шикоят, 3 та ариза ва 1 та таклиф мавжуд.
Уларда дарахтлар кесилиши, аҳоли суғорма ва ичимлик сув билан таъминланиши, маиший чиқиндилар уюмлари бунинг учун белгиланган жойларда тўпланиши кўтарилган.
Қайд этилишича, шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида тегишли чоралар кўрилган.
Хусусан, Омбудсманнинг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаатига кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тегишли рухсатномаларсиз дарахтларни кесиш билан шуғулланган икки шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва 1,9 миллион сўмлик зарар қопланган.
Изоҳ (0)