АҚШ президенти маъмурияти ва давлат департаменти вакиллари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш билан боғлиқ масалаларда халқаро ташкилотлар билан музокараларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кёртис, давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс, шунингдек, давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак билан учрашувлар ўтказди.
Аввалроқ 2019 йил 4—6 февраль кунлари таркибида бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бўлган Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг йирик брендлари томонидан Ўзбекистон текстил маҳсулотлари бойкотини бекор қилиш юзасидан музокаралар олиб бориш учун АҚШга ташриф билан бориши маълум қилинган эди.
«Лиза Кёртис республикада айниқса инсон ҳуқуқларининг давлат даражасига кўтарилиши борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади», — дейилади хабарда.
Майкл Козак, ўз навбатида, Ўзбекистонда нафақат мажбурий меҳнатга барҳам бериш, балки диний эркинликни таъминлаш масаласида ҳам сезиларли ўсишга эришилганлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)