Тошкент шаҳар ИИББ ноқонуний миграция ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давомида Яшнобод, Бектемир, Миробод, Юнусобод, Учтепа ва Чилонзор туманларида 4 февралдан 5 февралга ўтар кечаси 34 нафар, 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси эса яна 40 нафар аёлни ижтимоий масъулиятсиз ҳаёт тарзида гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Улардан 11 нафари аввал ҳам Ўзбекистон Республикаси МЖтК 190-моддаси («Фоҳишалик билан шуғулланиш») бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, қўлга олинган 40 нафар аёлдан 30 нафари бунга қадар ҳам турли ҳуқуқбузарликлар учун ИИБга келтирилган.
Ўтказилган профилактик тадбирлар давомида мазкур аёлларнинг ижтимоий масъулиятсиз ҳаёт тарзи олиб боришига имкон туғдирган ва уларни автомобилларида олиб юрган тўрт нафар эркак қўлга олинган. Мазкур шахсларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Қўлга олинган аёлларнинг шахси аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтказилган. Бундан ташқари, ҳокимлик ва Аёллар қўмитаси вакиллари томонидан улар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.