Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» ассоциацияси раиси Илҳом Ҳайдаровдан иборат делегация Вашингтонда Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Мулоқот давомида икки томонлама ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда амалга оширилаётган муносиб меҳнат мамлакат дастури доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Жаҳон банки вице-президенти уч йўналишдаги ўзаро алоқалар муҳимлигини таъкидлади. Биринчиси — Ўзбекистон, Жаҳон банки ва ХМТ ўртасидаги уч томонлама форматнинг давом эттирилиши. Иккинчиси — бандликни таъминлаш ва қулай меҳнат шароитлари яратишга кўмаклашиш. Учинчиси — гендер тенглиги, инфраструктура ривожланиши, энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат савдо ва экспорт салоҳиятини кучайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш.
Сирил Мюллер банк молиялаштиришида иштирок этиши мумкин бўлган истиқболли лойиҳаларни муҳокама этиш учун жорий йил март ойида Ўзбекистонга келишини билдирди.
Изоҳ (0)