Японияда жорий йил 7 январдан эътиборан мамлакатдан чиқиш учун солиқ жорий этилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Янги солиқни мамлакатни денгиз ёки ҳаво орқали тарк этаётган фуқаролар ва чет элликлар тўланиши лозим. Унинг қиймати 1000 япон иенаси (9,2 доллар атрофида)ни ташкил этади ва у чипта нархига киритилади.
Япония ҳудудини мамлакатга келганидан кейинги 24 соат ичида тарк этадиган транзит йўловчилар, хориж элчилари, давлат меҳмонлари, шунингдек, икки ёшгача бўлган болалар ушбу солиқ тўловидан озод қилинган.
Япония ҳукумати ушбу солиқдан биринчи йилнинг ўзида 50 миллиард иена (400 миллион доллардан сал кўпроқ) пул тушуми бўлишига умид қилмоқда. Ушбу маблағ халқаро аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади.
Изоҳ (0)