Бош прокуратура матбуот хизмати Хўжаободдаги ҳайвонот боғида шер қоровулни ғажиб ташлагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2018 йил 30 декабрь куни соат 16:30 лар чамасида «Усмонобод файзи» МЧЖга қарашли қарашли Хўжаобод тумани, Хидирша маҳалласида жойлашган, ишга туширилмаган ҳайвонот боғи соқчиси Х.А. жамиятда ҳеч ким йўқ вақтда бу жойда боқилаётган 2 та шер ёнига улар билан ўйнаш мақсадида бориб, қафас ичига кирганида, шерлар Х.А.га ташланган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, Х.А «бўйин ва тананинг бошқа соҳаларида кўплаб очиқ яралар, тананинг орқа юзасида кўплаб ўткир ботиқ яралар» ва ўткир қон томир етишмовчилиги натижасида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Воқеа жойига туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ва тезкор тергов гуруҳи етиб борган.
Терговга қадар текширув туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан олиб борилмоқда. Суд-тиббий ва суд-криминалистик экспертизалари тайинланган.
Шунингдек 2018 йил 31 декабрь куни Андижон вилояти бандлик бош бошқармасига меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талаблари бузилган ёки бузилмаганлиги юзасидан текширув тайинланган.
Изоҳ (0)