Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарлари аввало Янги йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.
Кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари ва аниқ лойиҳалари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг ривожи жадал суръат касб этгани ҳамда стратегик шериклик даражасига чиққани алоҳида қайд этилди.
Бунга, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг жорий йилда бўлиб ўтган тарихий давлат ташрифларидаги келишувлар натижасида эришилди.
Ўзаро визасиз тартиб жорий этилди, Давлат чегарасидаги барча ўтиш пунктларининг фаолияти қайта тикланди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилди.
Бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда.
Давлат раҳбарлари икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини мамнуният билан қайд этдилар. Электр энергияси ва табиий газни барқарор етказиб бериш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилинмоқда, автомобиль қатнови ва авиапарвозлар йўлга қўйилди.
Президентлар маданий-гуманитар мулоқот изчил кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтказилаётган турли тадбирларда мамлакатларимиз ижодий жамоалари мунтазам иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Тошкент ва Душанбеда ўтказилган «Дўстлик кечалари» мамлакатларимиз ва халқларимиз маданий-маънавий яқинлигининг ёрқин ифодаси бўлди. Самарқанд ва Душанбеда Навоий билан Жомий ҳайкаллари ўрнатилди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.
Якунда Президентлар яна бир бор янги – 2019 йилда мамлакатларимизнинг қардош халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Изоҳ (0)