“Украина дронлари Москвадаги парадда учиб ўтиши мумкин” — Зеленский
Украина президенти Владимир Зеленский 9 май куни бўлиб ўтадиган Москвадаги парадда дронлар ҳужум қилиши мумкинлигини истисно этмади. Бу ҳақда сиёсатчи Ереванда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу йилги ёз “Путин учун келгусидаги ҳаракатларини белгилайдиган ҳал қилувчи палла” бўлади.
“У урушни кенгайтириш ёки дипломатик йўлни танлаши керак, биз уни дипломатияга ундашимиз лозим. Россия 9 майда парад ўтказишини эълон қилди, аммо бу парадда ҳарбий техника иштирок этмайди. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, улар узоқ йиллар давомида биринчи марта парадни ҳарбий ускунлар билан ўтказишни ўзларига раво кўролмайди. Украина дронлари ҳам ушбу парадга учиб келиши мумкин. Бу уларнинг аввалгидек кучли эмаслигини кўрсатади”, деди Украина президенти.
Зеленский Россияга санкциялар билан босим ўтказиш давом этишини таъкидлади ва санкцияларнинг 20-пакети учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирди.
Ҳарбий техника ва мобил интернециз парад
9 май куни Москвадаги анъанавий парад узоқ вақтдан бери биринчи марта ҳарбий техникаларсиз ўтказилади. Россия Мудофаа вазирлиги буни “тезкор вазият”, Кремль эса “террорчилик таҳдиди” дея изоҳлади. Тадбир арафасида мобил алоқа ҳам чекланади. Ушбу чекловлар нафақат шаҳар марказида, балки бутун Москва ҳалқа йўли ҳудуди бўйлаб жорий этилади. Кремль парадда давлат етакчиларидан кимлар иштирок этишини эълон қилмаган.