Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Туркистон — Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжага «Дўстлик» орденини топширди. Бу ҳақда ТИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 декабрь куни Абдулла Хўжани миллий қадриятлар ҳамда анъаналарни авайлаш, АҚШдаги ватандошларни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка халқдари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирлашга оид фармонни имзолаган эди.
— Бу воқеа мен учун юксак шарафдир, — дея фикр билдирди Абдулла Хўжа. — Ушбу давлат мукофоти Ўзбекистоннинг равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам янада шижоат билан илгари суришдек улкан масъулият юклайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларни бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, унинг равнақи йўлида ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.
Абдулла Хўжа хориждаги ватандошлар билан олиб борилаётган фаол мулоқот, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғирини енгиллаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур ва самимий миннатдорлик изҳор этди.
Нью-Жерси штатининг Довер шаҳрида Туркистон — Америка уюшмаси ташкил этилганлигига 60 йил тўлиши муносабати билан 250 нафарга яқин ватандошлар иштирокида ўтказилган тадбирда Абдулла Хўжанинг давлат мукофоти билан тақдирланиши АҚШдаги ватандошлар ташкилотлари раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олинди.
Маълумот учун, Туркистон — Америка уюшмаси 1958 йили Филадельфия шаҳрида АҚШ ва Канада давлатларидаги Марказий осиёлик муҳожирларни бирлаштирган илк ва тўлақонли уюшмалардан бири сифатида ташкил этилган. Уюшма президенти Абдулла Хўжа АҚШ фуқароси, ота-онаси асли ўзбекистонлик.
Изоҳ (0)