21 ноябрь куни Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Неъматов 22 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлайдиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган БМТ Бош котибининг ўринбосари, Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси бош директори Майкл Мёллер билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг долзарб масалалари, унинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Қайд эътилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар бермоқда.
БМТ вакили Ўзбекистон олиб бораётган минтақавий сиёсатни, республиканинг қўшни давлатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қаратаётган алоҳида эътиборини қуллаб-қувватлашини билдирди. «Замонавий дунёда интилиш керак бўлган ва энг сезиларли натижа берадиган айни стандарт мана шудир», — деди Майкл Мёллер.
Учрашув давомида бўлажак қўшма тадбирларни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбатда БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер иштирок этди.
Изоҳ (0)