Қашқадарё вилоятининг Косон туманида МИБ ходимлари, маҳалла посбони ва маҳалла участка нозиридан иборат ишчи гуруҳни уйга киритишни истамай қаршилик кўрсатган фуқаро уларни ҳақоратлади. Бундан фойда бўлмагач, болта билан уларни уйдан қувиб чиқармоқчи бўлди, ҳатто участка нозирининг погонини юлишгача борди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, Косон тумани «Аралиқ» маҳалласида яшовчи Юнус Жалолов яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик биносида яширин равишда қўлбола усулда тайёрланган цех ташкил қилиб, чигитдан ёғ ҳамда кунжара маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилди. 112 литр истеъмолгаяроқсиз жувоз ёғи ва 13 турдаги жами 3.566.264 сўмлик маҳсулотлар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Юнус Жалолов электр тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда уланиб, 32 кун давомида давлат манфаатларига 3.247.949 сўмлик зарар етказган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)