News cover

Онасининг нусхаси: Ким Чен Иннинг қизи нега катталардек кийинмоқда?

2022 йил ноябрь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг қизи Жу Аэ билан тушган сурати илк бор оммага эълон қилинди. Суратда у қитъалараро баллистик ракета фонида отаси билан ёнма-ён кетаётгани акс этган. Қизнинг эгнида оқ куртка ва қора шим, узун сочлари эса орқага йиғилган эди.

Фото: 2022 йил 19 ноябрь кунги сурат / Reuters

Давлат ташвиқотида дебют қилганида атиги тўққиз ёшда бўлган Жу Аэ ўша пайтдаёқ жамоатчиликда кучли таассурот қолдиришга улгурди. Ўшандан бери Ким Чен Ин қизининг соч турмаги мураккаблашиб, кийиниш услуби янада нафис ва салобатли кўриниш бермоқда.

Жанубий Корея разведка хизмати Ким Чен Ин қизини ўзининг вориси сифатида танлаганига ишонади. Ҳозирда 13 ёшга тўлгани тахмин қилинаётган Жу Аэ тобора тез-тез отасига ҳамроҳлик қилмоқда. Жумладан, ракета синовлари ва ҳарбий парадларда қатнашмоқда, ҳатто хорижий сафарларда ҳам иштирок этмоқда.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, қизнинг кийиниш услуби — чарм ва мўйнали либослар, шунингдек, ўзига хос соч турмаги унинг мамлакатни бошқаришга тайёрланаётганидан далолат берувчи муҳим сигналдир. Жу Аэнинг кийиниш услуби ҳукуматнинг Тарғибот ва ташвиқот бўлими томонидан белгиланиши эҳтимоли юқори. Баъзида у онаси Ри Сол Жуга ўхшаб костюм ва юбкаларда кўриниш беради.

Фото: Ри Сол Жу, қизи ва турмуш ўртоғи Ким Чен Ин билан бирга / Reuters

“Жу Аэ ҳали жуда ёш бўлгани учун, унинг ёши келажакдаги етакчи учун потенциал заифлик сифатида кўрилиши мумкин. Афтидан, режим унинг ёшлигини ниқоблаш ва етуклик қиёфасини намойиш этиш учун онасига ўхшаш услубда кийинтирмоқда”, деди Сежонг институти директори ўринбосари Чеонг Сеонг-чанг.

Айрим тадбирларда, масалан, ҳарбий базалар каби ”нисбатан ноқулай ҳудудларга” ташриф буюрганда Жу Аэ “кучли таассурот қолдирувчи” чарм кийимда кўриниш беради.

Фото: EPA

Аммо бу унинг қора чарм куртка ва плаш кийишни яхши кўрадиган отаси билан ўхшаш эканини ҳам англатади. Аввалги авлоднинг кийиниш услубини такрорлаш Шимолий Корея раҳбарлари ҳокимиятни сақлаб қолиши учун қўллаган тактикадир. Ким Чен Ин раҳбарлигининг дастлабки йилларида бобоси Ким Ир Сен каби кийиниш орқали ўзининг қонунийлигини таъминлашга ҳаракат қилди.

Экспертларнинг фикрича, Шимолий Кореяга асос солган ва 45 йилдан ортиқ вақт давомида уни бошқарган Ким Ир Сен мамлакатда деярли “илоҳий даражадаги” шахс сифатида кўриларди.

“Тарғибот ва ташвиқот бўлими Ким Ир Сенга бўлган ҳурматни Ким Чен Инга ўтказиш жараёнларини ташкил қилишда ўта муҳим рол ўйнади”, деди Чеонг 

 Сеонг-чанг.

Шимолий Корея аҳолиси ёш Ким Чен Ин биринчи марта оммага кўриниш берганида ҳайратда қолган. Жанубий Корея экспертларига кўра, ҳайратланишнинг асосий сабаби унинг бобоси Ким Ир Сенга жуда ўхшаб кетганида эди. Ёш Ким Чен Ин ворис сифатида дуч келган тажриба етишмовчилиги ва ёши каби камчиликларни фақатгина Ким Ир Сенга ўхшашлиги орқали қоплаш мумкин эди. Ўша пайтда шимолий кореяликлар орасида Ким Ир Сен қайта туғилди деган миш-мишлар ҳам тарқалган.

Фото: Ўнгда Ким Чен Ин ва чапда бобоси Ким Ир Сен / Getty Images

Жу Аэнинг қонуний ворислик мақомини мустаҳкамлашдан ташқари, ”Ғарбча дизайндаги кийимларни кийиш орқали Жу Аэ ва Ри Сол Жу “фарқланиш стратегияси”ни намойиш этмоқда. Уларнинг ижтимоий мавқейи оддий аҳолиникидан тубдан фарқ қилади. Юқори сифатли чармдан тикилган кийим кийиш — бу ўз мавқейини кўрсатишнинг бир йўлидир, деди Чеонг.

Чармдан тикилган кийимлар Шимолий Корея аҳолиси орасида унчалик кенг тарқалмаган. Ҳашаматли брендлар, чарм курткалар ва мўйнали палтолар оддий шимолий кореяликлар ўзига эп кўрмайдиган қимматбаҳо кийимлардир.

Фото: AFP

Жу Аэнинг замонавий стилли қолган аҳоли устидан ўрнатилган қатъий назоратга мутлақо зид келади. 2020-йилда Шимолий Корея “ташқи маданият”нинг кириб келишини блоклайдиган “Ёт мафкура ва маданиятни рад этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бироқ, 2023-йилда Жу Аэнинг қитъалараро баллистик ракета олдида отаси билан сайр қилиб юргани акс этган кадр тарқалди. Унда Ким Чен Иннинг қизи эгнида қора куртка билан кўриниш берди. Кейинчалик бу кийим Франциянинг Christian Dior модалар уйига тегишли экани ва нархи 1900 доллар экани маълум бўлди.

Фото: Жу Аэ Christian Dior модалар уйига тегишли кийимда / Reuters

2024-йили эса Жу Аэ Пхеньян шаҳридаги янги турар жой мажмуасининг очилиш маросимида енг қисми шаффоф бўлган, қўллари кўриниб турадиган блузкада намоён бўлди.

Фото: Неwс1

Юқоридаги ҳолатлар Кимлар оиласи жамиятнинг бошқа аъзолари учун амал қиладиган қонун-қоидаларга кўпинча бепарво эканини кўрсатади.

“Шимолий Кореяда жинси шим Ғарб модаси сифатида тақиқланган бўлса-да, Ким Чен Иннинг ўзи унда кўриниш берган. Улар хорижий маданиятни қанчалик тақиқлашмасин ва ҳатто қонунлар қабул қилишмасин, Шимолий Корея олий раҳбар учун имконсиз нарсанинг ўзи бўлмаган жойдир”, дейди Шимолий Корея тадқиқотлари университети профессори Ли У Ёнг.

Шунга қарамай, Кимлар оиласининг кийиниш услуби аҳолининг бадавлат қатламини ҳам қамраб олмоқда. Хусусан, улар орасида Chanel каби люкс косметика ва атирлар савдоси ортган, Хитой билан чегарадош шаҳарларда эса мўйнали палтолар оммалашган.

Жу Аэ ва Ким Чен Ин тақадиган кўзойнаклар ва киядиган чарм плашлар бой ёшлар орасида машҳур бўлиб бораётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Илгари Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга ўхшаб сочини турмаклаётган йигитлар ҳақида маʻлумотлар тарқалган бўлса, эндиликда Жу Аэни ҳам “мода тимсоли” сифатида кўриш оммалашмоқда.


Бугун, 17:34

Лайфстайл ва Маданият

Видеолар

News cover

Москвада зирҳли техникаларсиз парад: бунга деградация сабабми ё хавфсизлик?

News cover

«Аёлимни тирик қолганига шукр қиламан» — Мирзо Улуғбек туманидаги ЙТҲ тафсилотлари

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: