Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Instagram’даги саҳифасида яна тарихий суратлар билан бўлишди.
Бу сафар вазирнинг саҳифасидан унинг шахсий архивидан олинган, 1994 ҳамда 1997 йилларда Фаластин мухолифатининг собиқ раҳбари Ёсир Арофат билан бирга тушган суратлари жой олди.
«Ўмон Исроил Давлатини тан олмоқда. Мустақил Фаластин давлатини барпо этиш масаласи долзарблашмоқда. Терроризмда айбланишдан тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреатигача йўлни босиб ўтган Ёсир Арофат буни тасаввур қила олганмиди? Тошкент, 1994 йил сентябрь ойи. Раммалоҳ, 1997 йил апрель ойи. Шахсий архивдан», — дея изоҳ ёзди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Instagram’даги саҳифасига афғонистонлик мухолифатчи сиёсатчи Гулбиддин Ҳикматёр билан 2018 йил июлида Кобулда бўлиб ўтган учрашуви суратини жойлаган, шунингдек, «Толибон» ташқи ишлар вазири Мулла Мутавакил билан тушган, шахсий архивдаги сурати билан ҳам бўлишган эди.
Кейинроқ «Афғонистон озодлиги Ислом иттифоқи» фракцияси раҳбари Устод Абдул Расул Сайяф билан тушган суратини жойлаштирди. Бундан ташқари, 1995 йилда Афғонистоннинг Кобул шаҳрида «Панжшер шери» Аҳмад Шоҳ Масуд билан тушган сурати билан ҳам бўлишди.
Изоҳ (0)