2018 йилнинг 9 ойи мобайнида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман ва шаҳар судлари томонидан 4 минг 863 шахсга нисбатан 3 минг 787 жиноят иши кўрилди. Улар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,3 фоизга камайган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Жиноят, Фуқаролик, Маъмурий ва Иқтисодий судлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги брифингда маълумот берилди, деб ёзади ЎзА.
750 жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилиб, 59 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми ва ажримлари чиқарилган. Судланган шахсларнинг 883 нафарига озодликни чеклаш, 961 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, бир нафарига умрбод озодликдан маҳрум қилиш, 457 нафарига жарима, 51 нафарига мажбурий жамоат ишлари ва 1 минг 74 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Кўриб тамомланган ишлар бўйича вилоятда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аёллар жиноятчилиги 36,6 фоизга камайган бўлса, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида ошган. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноят ишлари 32,5 фоизга камайгани ҳолда, Қибрай ва Ўрта Чирчиқ туманларида кўпайган. Ёшлар ўртасида эса бу борадаги кўрсаткич 12,7 фоизга камайган, аммо Чирчиқ шаҳрида 40 фоиз, Ўрта Чирчиқ туманида 21 фоиз ва Бекобод шаҳрида 20 фоиздан зиёдга ошган.
Шу даврда вилоят маъмурий судлари томонидан 13 минг 613 шахсга нисбатан 7 миллиард 871 миллион сўмлик жарима, 4 минг 507 шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 1 минг 167 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 83 шахсга нисбатан эса республика ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазолари тайинланган.
Изоҳ (0)