Сўнгги пайтларда фуқаролар адлия органларига мурожаат этиб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан уларга етказилган зарарлар ўз вақтида қопланмаётганлигини баён этмоқда. Мазкур ҳолатлар юзасидан адлия органлари томонидан тегишли ўрганишлар ўтказилиб, фуқароларнинг Конституция ва қонунлар билан белгилаб қўйилган ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жумладан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро У.Юсуповнинг уй-жойи бузилган бўлиб, компенсация маблағи ўз вақтида тўлаб берилмаган. Наманган шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаро У.Юсуповнинг манфаатида судга киритилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, мулкдор У.Юсуповга 106 миллион сўм миқдорда компенсация маблағи ундириб берилди.
Худди шундай, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги туман адлия бўлимлари томонидан мулкдорлар манфаатида судларга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига жами 505 миллион сўм компенсация маблағлари ундириб берилиши таъминланди.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор Б.Отамбетовнинг савдо дўкони биноси учун тўланиши лозим бўлган 163 миллион сўм компенсация маблағи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг аралашуви билан тадбиркорга ундириб берилди.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарлар ўз вақтида тўланмай мулк ҳуқуқи бузилаётган фуқаролар Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли ишонч телефони, вазирликнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасининг бевосита 71-236-29-63 рақами ёки info@minjust.gov.uz электрон почтаси орқали мурожаат этиш мумкин.
Изоҳ (0)