Лебедев студияси Тошкент логотипини яратиш бўйича танловда қатнашади, деб ёзади «Газета.uz».
Россиялик таниқли дизайнер Артемий Лебедев 2 октябрь, сешанба куни Тошкент ҳокимияти вакиллари ҳамда шаҳар маъмурияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши экспертлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда шаҳарни режалаштириш, архитектура ва дизайн соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Компаниянинг лойиҳалар бўйича раҳбари Алина Баженова Артемий Лебедев студияси Россия ва МДҲ давлатларида олиб борган ёрқин ишлар тўғрисида сўзлаб берди. Студия амалга оширган ишлар қаторида шаҳарлар логотиплари, шаҳар навигацияси, метрода навигацияни лойиҳалаш, шаҳар йўловчи транспорти, парклар ва оммавий тадбирлар, кичик архитектура шакллари ва бошқалар ўрин олган.
«Ўзбекистоннинг маданий-тарихий масканлари туристик жозибадорлигини ошириш учун фойдаланиш мумкин бўлган сайёҳлик логотиплари ва шаҳарларни безашдаги Лебедев студиясининг улкан тажрибасига асосий қизиқиш билдирилмоқда. Эҳтимолий ҳамкорликнинг устувор йўналишлардан бири шаҳар йўловчи транспортини лойиҳалаш ҳисобланади», — дея қайд этди ҳокимлик матбуот хизмати.
Лебедев студияси Тошкент логотипини яратиш бўйича танловда иштирок этиш, шунингдек, жамоат кенгаши ва ҳокимият томонидан тилга олинган устувор мавзулар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Артемий Лебедев Ўзбекистонга ташрифи чоғида пойтахт ишбилармонлари билан учрашиш ва Хивага ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)