Урганчда Хоразм вилояти билан Қозоғистоннинг Манғистов вилояти ҳокимликларининг ҳамкорликдаги бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Форум аввалида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов Манғистау вилояти ҳокими Е. Тугжанов билан учрашди. Унда ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишлари, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Форумда икки мамлакат давлат идоралари, саноат соҳаси вакиллари ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этди. Хусусан, Манғистау вилоятидан 60 дан зиёд қурилиш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, металлургия каби соҳаларда фаолият юритадиган компания ва фирма раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда икки вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, имкониятларини акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилди. Нефть-газ, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид қатор истиқболли келишувларга эришилди. Урганч билан Ақтау шаҳарлари ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси билан Ақтаудаги ЭИЗлар ўртасида ҳамкорлик битимлари шулар жумласидандир.
Изоҳ (0)