7 сентябрда Хитойнинг Циндао шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерациясининг (WTCF) навбатдаги саммитида Самарқанд шаҳри илк бор иштирок этди. Бу ҳақда, Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизматига асосланиб, ЎзА хабар бермоқда.
2012 йилда Пекин шаҳрида асос солинган мазкур федерация ўтган олти йил давомида аъзолари сонини 58 дан 202 тагача кенгайтириб, жаҳон миқёсида туризм соҳасидаги йирик тузилмалардан бирига айланди. Айни пайтда 66 мамлакат шаҳарлари федерация аъзоси ҳисобланади.
Самарқанд шаҳри мазкур саммитда меҳмон сифатида иштирок этди ва федерацияга аъзолик масаласи кўриб чиқилди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б. Нуруллаев шаҳарнинг сайёҳлик салоҳияти, соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Б. Нуруллаев ўз тақдимоти якунида WTCF’нинг 2021 йилги саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини билдирди.
Федерация саммити ҳар йили ўтказилса-да, икки йилда бир марта Хитой шаҳарлари мезбонлик қилади. 2019 йилги саммитни Хелсинкида (Финляндия), 2020 йилда эса яна Хитойда ташкил этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)