Фарғона вилоятининг Боғдод тумани истироҳат боғида «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган халқ сайли бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 200 дан ортиқ корхона ва ташкилот 867 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Боғдод туман кенгаши томонидан карвин санъати бўйича машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, кредит олиш тартиби, Иттифоқнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари билан танишди.
Туман бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимининг жамоат ишларини ташкил этиш пункти томонидан 70 дан зиёд хотин-қизга ишга йўлланма берилди. Уларнинг 35 нафари таълим масканларига ишга жойлашди.
Шу куни туман марказий стадионида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши ва интилишини кучайтириш, Қуролли Кучлар қудратини намоён этишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. Иқтидорли ёш спортчилар ўз маҳоратини намойиш этди.
Изоҳ (0)