«Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости ходимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
«Самарқанд» халқаро аэропортига Домодедово—Самарқанд йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Ж.Б. «яшил» йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди.
Шундан сўнг, унга тегишли бўлган сумка холислар иштирокида текширилганда, сумка ичидан 2 та коробкада жами 50 дона 16 миллиметр калибрли ов қуроли гилзасини яшириб ўтаётганлиги аниқланди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бош инспектор-суриштирувчиси Фарҳод Аҳроровнинг маълум қилишича, фуқаро Ж.Б. 50 дона 16 мм калибрли ов қуроли гилзасини олиб келаётганини божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан суд фуқаро Ж.Б.нинг қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини эътироф этиб, унга нистабан жазо тайинлашда муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб тегишли қарор чиқарди.
Фуқаро Ж.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ҳамда ов қуроли гилзалари давлат фойдасига мусодара қилинди.
Жорий йил бошидан буён 7 ой давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан иккита ҳолатда 158 та гилза олиб келиниши олди олинган.
Изоҳ (0)