Термизда Матбуот уйининг тубдан реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур матбуот уйи 29 йил муқаддам фойдаланишга топширилган бўлиб, ўтган вақ мобайнида ОАВ ходимлари етарли қулайликларга эга бўлмаган, қишда совуқ, ёзда иссиқ бинода фаолият юритиб келди. Тўрт қаватли иншоот таъмирланмагани сабабли бинонинг ташқи ва ички кўринишлари ночор аҳволга тушиб қолди.
Тубдан таъмирланган бинода барча шароит яратилди. Бинога киришда ўзи очилиб, ёпиладиган ойнаванд сенсорли эшик ўрнатилди.
Бинони Термиз шаҳридаги «Сантехгазмонтаж» хусусий корхонаси таъмирлади. Бунинг учун 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Иситиш тизими ишга туширилди. Хоналар янги мебеллар, қишда иситиб, ёзда совитадиган замонавий кондиционерлар билан жиҳозланди.
Биринчи қаватда матбуот анжуманлари ўтказиладиган кенг, ёруғ зал, кутубхона, китоб дўкони, иккинчи қаватда мажлислар зали, ёш ижодкорлар тўгараги қурилди. Ҳар бир қават юксак дид билан безатилди. Иншоотнинг ташқи қисми ҳам тамомила янги, замонавий қиёфада бўй кўрсатди.
Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари вилоят бўлимлари, Термиз шаҳрида чоп этиладиган газеталар жойлашган бинонинг биринчи қавати Туризмни ривожлантириш қўмитаси вилоят бошқармасига берилди.
Изоҳ (0)