Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари июль ойида давлат чегарасини бузган 67 кишини, 173 минг доллар миқдоридаги хорижий валютани ҳамда ноқонуний олиб кирилаётган 1,6 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларни ушлаб қолди, деб ёзади «Газета.uz».
Қирғизистон билан чегарада чегарани бузган 21 киши, Қозоғистон билан чегарада — 28, Тожикистон билан чегарада — 12, Туркманистон билан чегарада — 6 киши қўлга олинди. Афғонистон билан чегарада июль ойида чегарани бузиш ҳолатлари қайд этилмади.
Ушлаб қолинган товар-моддий бойликларнинг барчаси Ўзбекистоннинг Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарасига тўғри келади. Чет элдан асосан, уяли телефонлар, маиший техника, аёллар косметикаси ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга уринишган.
Чегарани бузиш ҳолатлари бўйича дастлабки терговлар олиб борилмоқда, уларнинг натижасига кўра қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилиги доирасида чоралар кўрилади.
Изоҳ (0)