Деҳқонобод тумани Бешбулоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Улуғбек Абдураҳмонов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилди, деб ёзади ЎзА.
Мурожаатда фуқаро «Қашқадарёавтотеххизмат» АЖга қарашли автосалондан Nexia-3 русумли автомашина учун 86 миллион 445 минг сўм тўлов амалга оширганлиги, бироқ автосалон ишчилари томонидан ўз вақтида автомашина етказиб берилмай, шартномада кўрсатилган шартлар бажарилмаётганлигидан норози бўлган.
Мазкур мурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунига асосан Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати ходимлари ва фуқаро иштирокида ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Натижада фуқаро мурожаатида келтирилган важлар бўйича «Қашқадарёавтотеххизмат» АЖга қарашли автосалондан Nexia-3 русумли автомашинани олиш бўйича икки томонлама тузилган шартнома шартларини ўз вақтида бажариш бўйича автосалон раҳбариятига юқорида зикр этилган қонуннинг тегишли моддалари ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тушунтирилди.
Ўтказилган тушунтириш ишлари натижасида «Қашқадарёавтотеххизмат» АЖга қарашли автосалон томонидан фуқаро У.Абдураҳмоновга Nexia-3 русумли автомашина берилди ва фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилинди.
Изоҳ (0)