News cover

Путин Россияни кунчиқар мамлакат деб атади

Россия президенти Владимир Путин “Билим. Биринчилар” марафони доирасида туб ерли халқлар вакиллари билан учрашувда қизиқарли баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳақиқий кунчиқар мамлакат ҳисобланади. У буни Россиянинг Чукоткадаги чегаралари Япония ёки Янги Зеландиядан кўра шарқроқда жойлашгани билан изоҳлади. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.

Путин ўз фикрини қуйидагича тушунтирди:
Япония бизнинг энг шарқий қўшнимиз ҳисобланади. Япониядан шарқроқда Янги Зеландия жойлашган. Ундан ҳам шарқроқда эса Россиянинг Чукотка ўлкаси бор. Шу сабабли айнан Россия кунчиқар мамлакат ҳисобланади”, деди давлат раҳбари.

Президент 2022 йилда ҳам шунга ўхшаш фикрни билдирган. Ўшанда у Япониядан шарқда Камчатка ёки Сахалин, ундан ҳам шарқда эса Чукотка борлигини айтган. Чукоткадан Америка қитъасигача бўлган масофа бор-йўғи 60 километрни ташкил этади.
Харитада қандай?
Географик жиҳатдан Япония Шарқий Осиёда жойлашган. Бироқ Россиянинг (ва бутун материк Евросиёнинг) энг чекка шарқий нуқтаси Япония оролларидан ҳам шарқроққа ўтиб кетади. Бу жой ҳатто ғарбий яримшарга ҳам киради:
Материкнинг энг шарқий нуқтаси — Дежнёв бурни, тахминан, 169-170 даража ғарбий узоқликда жойлашган. Япониянинг энг шарқий нуқтаси — Минамитори ороли эса тахминан 153 даража шарқий узоқликда жойлашган.
Бутун дунё Гринвич меридианига (0 даража) асосланиб бўлинган. Ундан ўнгга қараб 180 даражагача шарқий узоқлик ҳисобланади. 180 даражадан ўтгач (Халқаро сана ўзгариш чизиғи), шарқий узоқлик тугаб, ғарбий узоқлик бошланади. Чукотка ана шу меридианни кесиб ўтади, шунинг учун географик жиҳатдан унинг чекка нуқталари ғарбий узоқлик координаталарига эга.
Япониянинг кунчиқар мамлакат деб аталиши тарихи
Япония ўзини қадимдан кунчиқар мамлакат деб атайди. Бунинг ўзига хос рамзий маънолари бор, Масалан, байроқдаги қизил доира қуёшни англатади. Япония ўзини Нихон (ёки Ниппон) деб атайди. Бу сўз иероглифларда 日本 шаклида ёзилади. Биринчиси — қуёш, иккинчиси — илдиз, асос ёки манба деганидир. Қизил доирали байроқ Ҳиномару (қуёш доираси) деб аталади ва у расмий давлат байроғидир.
Шунингдек, Японияда кунчиқар қуёш байроғи (Kyōkujitsu-ki) ҳам мавжуд. Унда қуёшдан таралаётган нурлар тасвирланган. У 1870 йилда империя армиясининг ҳарбий байроғи сифатида қабул қилинган. Кейинчалик ҳарбий-денгиз флоти байроғига айланган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида кенг қўлланган.
Урушдан сўнг, нурлар таралган байроқ Япония агрессиясидан жабр кўрган давлатлар (Хитой, Корея) учун милитаризм рамзига айланди. Бироқ бу байроқ тақиқланмаган. Бугунги кунда Япония денгиз мудофаа кучлари (16 нурли) ва қуруқликдаги мудофаа кучлари (8 нурли) байроқдан фойдаланади.
Кунчиқар мамлакат ибораси японлар учун диний маънога ҳам эга. Япония қуёш маъбудаси Аматерасу ҳимояси остида деб ҳисобланади. Император хонадони вакиллари эса унинг бевосита авлодлари саналади.
Япония давлат мукофотлари тизимида ҳам бу ном муҳим ўрин тутади. Мамлакатнинг иккинчи энг юқори мукофоти “Чиқаётган қуёш ордени” деб аталади. У фуқаролик ва ҳарбий соҳадаги улкан хизматлари учун ҳам японларга, ҳам чет элликларга берилади.

Бугун, 21:27

Лайфстайл ва Маданият

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: