Тошкентдаги Миробод ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасидаги (Grand Mir меҳмонхонаси қаршисида) соатли минора олиб ташланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Миноранинг ўрнатилиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилардан бири Тошкент минораси АҚШнинг Сомервилл шаҳридаги «Эслаш вақти» ёдгорлиги (пойдеворига 2001 йил 11 сентябрдаги терактларда ҳалок бўлган шу ерлик 39 кишининг исм-шарифи ёзилган) билан ўхшаш эканига эътибор қаратди. Тошкентдаги минорада ҳам «Time tо remember» ёзувининг борлиги дизайннинг кўчирилганига шубҳа қолдирмайди.
«Сўнгги вақтларда шаҳарнинг оммавий жойларида металлдан безаклар пайдо бўла бошлади. Мазкур конструкцияларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда ижобий қабул қилинмоқда, бироқ улардан бири баҳсли бўлиб чиқди ва у Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев топшириғи билан олиб ташланмоқда», — дейилади ҳокимият хабарида.
Изоҳ (0)