Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вакиллари шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган черногориялик сайёҳни қутқариб қолди, деб ёзади «Подробно».
Ҳодиса яқинда патруль-пост хизмати бригадасининг тунги навбатчилик чоғида юз берди. Муқимий кўчасидаги «Фламинго» ресторани қаршисида жойлашган бекатда сержант Фаррух Ғозиев ўриндиқда ётган эркакни кўриб қолган. Юрагини чангаллаб инграб ётган эркак рус тилида базўр гапириб, аҳволи ёмонлигини тушунтира бошлаган. Ходим эркакни машинага ўтқизиб, Республика илмий тиббиёт маркази (собиқ 16-шаҳар касалхонаси) билан боғланган. Улар касалхонага етиб борганида, шифокорлар зудлик билан эркакни қабул қилиб олган.
Кейинроқ шифокорлар эркакда инфарктолди ҳолати бўлгани, аммо энди аҳволи анча яхши эканлигини маълум қилган. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам унинг ҳаётини сақлаб қолган.
52 ёшли Черногория фуқароси Дунис Дразин шифокорлардан уни ҳаётини асраб қолган сержант билан суратга туширишни сўради ва ундан миннатдор эканлигини билдирди.
Изоҳ (0)