Асли қашқадарёлик АҚШ фуқароси Зокир Алиев 16 июнь куни Америкадан Чироқчидаги ота уйига келган вақти қўлга олинган эди. У 22 июнгача ҳибсда сақланган, сўнг унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, Қашқадарёдан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган. Унга нисбатан 2005 йили Жиноят кодексининг 159, 223 ва 224-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди, деб ёзади «Газета.uz».
2 июль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Зокир Алиевга нисбатан ҳукм чиқарди. Хусусан, у Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисмида (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-2-моддаси 1-қисмида (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
«Суд Ўзбекистон Конституцияси ва жиноят қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, бағрикенглик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, судланувчига жазо тайинлади», — дейилади Олий суд матбуот котиби томонидан тарқатилган ахборотда.
Суд Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ва 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, Зокир Алиевга 18 йил аввалги (яъни, жиноят содир этилган вақтдаги) энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баробари миқдорида — 1,05 миллион сўм жарима жазоси тайинлаган. Бунда «Зокир Алиев 2000 йилдан бошлаб то Ўзбекистонга келгунига қадар қарийб 18 йил давомида жиноий фаолият билан бошқа шуғулланмаганлиги инобатга олинган».
Изоҳ (0)