«Ўзавтосаноат» компаниясида ташкил этилган махсус гуруҳ электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда компания раҳбари Умиджон Салимов 31 май, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Фото: Reuters

Салимовнинг маълум қилишича, бир ой ичида Тошкентга Chevrolet Bolt электрокари ва Хитойнинг JAC автокомпанияси томонидан ишлаб чиқарилган электромобил келтирилиши кутилмоқда. Икки автомобиль бутун Ўзбекистон бўйлаб — Андижондан тортиб Қорақалпоғистонгача бўлган йўлларда синовдан ўтказилади.

«Биз махсус гуруҳ ташкил этганмиз. Тошкентдаги Турин университети ҳузурида ташкил этилган UzAuto Innovation Cентер инновация маркази электромобилларни татбиқ этиш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил этишни масалалари билан ҳам шуғулланади. Биз учун бу янги йўналиш ва биз бу бўйича ишлаяпмиз», — дея маълум қилган «Ўзавтосаноат» раҳбари электромобиллар автомобилсозлик келажаги эканини алоҳида қайд этди.

Умиджон Салимовнинг қайд этишича, яқин икки ойи ичида Ўзбекистонда электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича республика концепцияси ишлаб чиқилади.

«Электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятли ҳамкорлар билан бўлажак тегишли музокаралар эса, катта эҳтимол билан, ярим йил ичида якунига етади. Чунки ‘Ўзавтосаноатънинг ҳозирги ҳамкорларининг деярли барчаси электромобиллар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади», — дея қўшимча қилди Умиджон Салимов.

«Ўзавтосаноат» раҳбари электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари фақат электрокарлар билан чекланиб қолмаслигига алоҳида урғу бериб, келажакда Ўзбекистонда электровелосипедлар, электромопедлар, электроавтобуслар ҳам ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ишора қилди.

Маълум қилишларича, электромобиллар учун зарур инфратузилмани яратиш масаласи «Ўзавтосаноат»нинг «Ўзбекэнерго» компанияси билан муҳокама мавзусидир.

«Бу жуда мураккаб масала. Бунга ҳозир бирдан жавоб бериш жуда оғир. Ишлаб чиқарувчи сифатида айтишим мумкин бўлгани — биз электромобиллар ишлаб чиқариш масаласи устида ҳозирданоқ ишлаяпмиз», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари Умиджон Салимов.