Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Пахтакор тумани судида 18 май куни Ўзбекистонда 2018 йилда содир этилган энг биринчи жиноят иши бўйича ҳукм эълон қилинди. Бу ҳақда туман суди раиси Зокир Худойбердиев «Дарё» нашрига маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум бўлишича, 1992 йилда туғилган Ф.Ш. 2018 йилнинг 1 январь кунига ўтар кечаси қариндоши П.Ш. билан Пахтакор тумани Олтиариқ маҳалласида яшовчи собиқ синфдоши З.Қурбонованинг уйига уни Янги йил байрами билан табриклаш учун бориб, у ерда бошқа бир синфдоши — 1992 йилда туғилган А.И. билан ўзаро тортишиб қолган.

Натижада 1 январь куни соат тахминан 4:30 атрофида Ф.Ш. синфдоши А.И.ни қариндоши П.Ш. билан бирга дўппослаб, унга тан жароҳати етказган. А.I. Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч бўлимига ётқизилган, бироқ олган тан жароҳатлари оқибатида 1 январь куни соат 18:00 да вафот этган.

Суд мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаларини ўрганиб, Ф.Ш. ва П.Ш.ни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди («Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан айбли деб топиб, ҳар иккисига 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Судланувчилар жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.