Самарқанд шаҳрида 11 май куни Ўзбекистон ва Қозоғистон Ички ишлар вазирликларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон ички ишлар вазири П. Бобожонов, Қозоғистон ички ишлар вазири Қ. Қасимов икки халқнинг тарихий дўстлик, яқин қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилгани, бунда икки мамлакат Президентларининг самимий, дўстона муносабати муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳамкорлиги, диний экстремизм, терроризм каби глобал аҳамиятга эга жиноятларга қарши биргаликда кураш олиб бориши муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашув ва мулоқотларида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ички ишлар вазирликларининг қўшма мажлиси ана шу музокараларнинг амалий натижаси сифатида ташкил этилди.
Қозоғистон ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов ички ишлар органлари тизимидаги яқин ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Изоҳ (0)