Тошкентда 1 ноябргача паспортларни ID-карталар билан алмаштириш бўйича синов лойиҳаси жорий этилади, деб ёзади Spot. Бу Ўзбекистон Президентининг «Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимлари жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ҳозир амалда бўлган паспортлар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ва шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (республика ичида), ҳайдовчилик гувоҳномалари бундан мустасно, ўрнига идентификация карталари (ID-карталар) тизими жорий қилинади. Уларга ҳар бир фуқаронинг ягона идентификация рақами, унинг шахсий маълумотлари киритилади ва давлат хизматларини олишда шахсни аниқлаш учун фойдаланилади.
1 июлгача лойиҳани молиялаштириш бўйича таклифлар киритилади, 1 августгача эса унинг техник-иқтисодий асоси тайёрланади.
1 ноябргача лойиҳа Тошкентда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан синов режимида ишга туширилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда автомобиль рақамлари халқаро рақамларга алмаштирилиши, барча қоғоз ҳужжатлар эса бекор қилиниши хабар берилган эди.
Изоҳ (0)