Ички ишлар вазирлиги академиясида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар: муаммо ва ечимлар» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда маҳалла ва Ёшлар иттифоқининг роли ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Анжуманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тузилмалари фаолиятида «Хавфсиз шаҳар» дастурий комплекси имкониятларидан фойдаланишнинг аҳамияти ва бу борада инновацион технологияларни жорий этишнинг истиқболлари, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасидаги илмий-тадқиқот натижаларини ички ишлар органлари фаолиятига татбиқ этиш ҳамда унинг истиқболлари каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда қонунчиликни такомиллаштириш, ички ишлар органларининг маҳаллий давлат ва бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг амалий механизмини жорий этиш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳ (0)