Франциянинг Париж шаҳрида «Салют талантов» лойиҳаси доирасида «Париж, мен сени яхши кўраман!» шиори остида ўтказилган болалар ва ёшлар ХХVII халқаро санъат фестиваль-танловида ўзбекистонлик ёшлар ҳам муваффақиятли иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Кўплаб давлатлардан вакиллар қатнашган халқаро санъат фестивалида Тошкентнинг Олмазор туманидаги 25 ҳамда Сергели туманидаги 21-мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
«Мактабимизда санъатнинг 10 йўналиши бўйича 324 нафар ўқувчи таҳсил олади, — дейди 25-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, ‘Шуҳрат’ медали соҳибаси Холида Холматова. — Ўқувчиларимиз мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказиладиган турли фестиваль, танлов ва кўрикларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Бу йил ҳам Париждаги халқаро фестивалда иштирок этишга муяссар бўлдик. Ўқувчилармизнинг миллий рақс, ёғоч ўймакорлиги, доира, дутор, саксафон ва пианинодаги чиқишлари юқори баҳоланди».
«Болалагимдан ёғоч ўймакорлигига қизиқаман, — дейди танлов иштирокчиси Фазлиддин Низомиддинов. — 2015 йилдан буён устозим Фазлиддин Муҳитдиновдан ўймакорлик сирларини ўрганиб келмоқдаман. Шу йил март ойида Парижда ўтказилган халқаро кўрик-танловда ушбу йўналишдаги ишларим билан қатнашиб, юқори натижаларга эришдим. Дунёнинг турли давлатларидан ёшлар қатнашган фестивалда ёғоч ўймакорлиги ва ундаги иш услублари ҳақида маҳорат дарси ўтиб берганим иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ютуқларимда мамлакатимизда биз, ёшларнинг ўз истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун яратилган шароит ва имкониятлар муҳим омил бўлмоқда».
Изоҳ (0)