Бир муддат илгари интернетда «Прописка чекловларини бекор қилиш муддати ўтиб кетди, аммо бу масъулларнинг эсидан чиқди» мазмунида тарқатилган мақола юзасидан Адлия вазирлиги тушунтириш берди. Изоҳ вазирликнинг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида келтирилди.
2018 йил 20 мартга белгиланган муддат Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйишнинг (ҳисобга олишнинг) соддалаштирилган тартибини амалга киритиш учун белгиланган муддат эмас;
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 56-бандида белгиланган муддат (2018 йил 20 март) — Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун белгиланган муддатдир;
Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Давлат дастурига кирган бирор тадбирнинг эсдан чиқиши ҳатто назарий жиҳатдан ҳам содир бўлмайдиган ҳодиса. Чунки Давлат дастурига кирган ҳар бир тадбир бўйича тизимли назорат олиб борилади. Муаммоли ҳужжатлар бўйича Вазирлар Маҳкамасида ҳар ҳафтада икки марта муҳокама ўтказилади.
Адлия вазирлиги Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш бўйича ишлар тўхтаб қолмаганини яна бир бор таъкидлайди.
Изоҳ якунида вазирлик ОАВ ва бошқа маълумот тарқатувчи манбаларни нотўғри маълумотлар ва фуқароларни чалғитадиган хабарлар беришдан тийилишга чақирди.
Изоҳ (0)