Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлиси олдидан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида «Таълим тўғрисида»ги қонун умумий ўрта таълимга доир қисмининг Сирдарё вилоятидаги ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати
хабар бермоқда.
Сенаторлар вилоятда қонун ижросини ўрганиш асносида аниқланган камчиликлар, хусусан, умумий ўрта таълим тизимида ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар, йўл қўйилган хато ва камчиликларга эътибор қаратди. Жумладан, ўқувчиларининг фанларни ўзлаштириш даражаси талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
2017/2018 ўқув йилининг ўтган даври мобайнида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ўртача 52 фоизни ташкил этди, холос. Жумладан, ўқувчиларнинг математика, информатика, физика, кимё, биология, география, тарих, рус ва инглиз тили фанларидан ўзлаштириш даражаси пастлигича қолмоқда.
Умумтаълим мактабларидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ҳам етарли, деб бўлмайди. «Оила, маҳалла, таълим муассасаси» ҳудудий жамоат кенгашлари фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Кўп ҳолларда тадбирлар номигагина ўтказилган. Тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик содир этган ва содир этишга мойил, нотинч оилалар фарзандлари бўлган ўқувчилар билан тегишли профилактика тадбирларни ўтказишда сусткашликка йўл қўйилган. Оқибатда мактаб ўқувчилари томонидан содир қилинган жиноятлар сони ошган.
Амалиёт Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида юқори малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолаётганини кўрсатмоқда. Мактабларда жами 211 нафар педагог ходим ўрни вакант. 2018/2019 ўқув йилида 11-синф очилиши муносабати билан қўшимча 380 нафар ўқитувчига эҳтиёж юзага келади.
Муҳокамалар давомида қонунни ижро этиш, умумий ўрта таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича манфаатдор идоралар масъулиятини кучайтириш, бунда парламент ва жамоатчилик назорати институтларидан самарали фойдаланиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)