28 март куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида «Замон-Пресс-инфо» нашриёт уйи томонидан чоп этилган «Саробга алданганлар қисмати» китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га кутубхона матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва талабалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ОАВ вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда динни ниқоб қилиб олган ёвуз кучлар томонидан дунёнинг турли нуқталарида амалга ошрилаётган жиноий хатти-ҳаракатлар ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни талаб этади.
Ана шундай экстремистик оқимларга қўшилиб, бу гуруҳларнинг соф исломий қадриятлардан қанчалик узоқ эканини ўз ақл-идроки билан англаб етган ўзбекистонликларнинг кечмишлари, иқрор ва тазаррулари ҳар бир ўқувчини ҳушёрликка чорлайди, дин ва диний ақидапарастлик, соф исломий қадриятлар ва терроризм сингари тушунчаларни фарқлашда катта аҳамият касб этади.
«Замон-Пресс-инфо нашриёт уйи» томонидан «Саробга алданганлар қисмати» номли китоб ана шундай афсус ва надоматлар ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳаққоний муносабатларни ўзида жамлаган.
Китоб икки қисмни ўз ичига олади. Тўпламда қилган хатоси учун жиноий жавобгарликка тортилган, жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ёхуд ўтаб қайтган ҳамюртларнинг чин дилдан билдирган иқрорлари, надоматлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, маҳалладошлари томонидан йўлланган мактублари жой олган.
Мактублар матбуотда эълон қилингач, кўплаб муштарийлар ўз фикр-мулоҳазалари, муносабатларини таҳририятга йўллашди. Шу тариқа мазкур мактубларни китоб ҳолида жамлаб ўқувчиларга тақдим этишга эҳтиёж туғилди.
Китобнинг минг нусхаси олий ўқув юртлари, ахборот ресурс марказлари, маданий-маърифий масканларга тарқатилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)